Ўзбекистон Таэквон-До (ИТФ) Миллий Ассоциацияси Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди

2026 йил 10 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Таэквон-До (ИТФ) Миллий Ассоциацияси Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ассоциация раҳбарияти, вице-президентлар, вилоят бўлимлари раҳбарлари, Бош котиб, етакчи мутахассислар ҳамда мураббийлар иштирок этиб, жами 59 нафар аъзо қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, йиғилишда Ассоциациянинг 2021–2025 йиллар давомида амалга оширилган ишлари юзасидан раҳбарият ва вилоят бўлимлари раҳбарларининг 5 йиллик ҳисоботлари эшитилди ҳамда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Таэквон-До (ИТФ) Миллий Ассоциацияси Президенти Хасанов Лазиз Сайдивалиевич ўз маърузасида сўнгги 5 йил давомида Ассоциация спортчилари халқаро ва минтақавий мусобақаларда юқори натижаларга эришганини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон терма жамоаси халқаро майдонда 234 та олтин, 164 та кумуш ва 348 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллагани қайд этилди. Шунингдек, 2025 йилда Италия Республикасида ўтказилган Жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллар қўлга киритилди.

Йиғилишда Ассоциация раҳбарияти, вице-президентлар, Бош котиб, Бош мураббийлар ва вилоят бўлимлари раҳбарлари 2026–2031 йиллар учун 5 йил муддатга сайланди. Хасанов Лазиз Сайдивалиевич Ўзбекистон Таэквон-До (ИТФ) Миллий Ассоциацияси Президенти лавозимига бир овоздан қайта сайланди.

Шунингдек, Тафтиш комиссиясининг 2020–2025 йиллар учун ҳисоботи тингланиб, Ассоциациянинг молиявий-хўжалик фаолияти амалдаги қонунчилик ва Устав талабларига мувофиқ юритилгани, маблағлардан шаффоф ва мақсадли фойдаланилгани қайд этилди.

Кун тартибининг якуний қисмида 2026 йилга мўлжалланган режа ва устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси иштирокини таъминлаш, спортчиларни Жаҳон Кубоги ва БРИКС ўйинларига тайёрлаш бўйича ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, шунингдек, республика миқёсида чемпионат ва кубок мусобақаларини юқори савияда ўтказиш режалаштирилди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ижроси масъул раҳбарларга юклатилди.